Азонда таржиъ (икки шаҳодат калимасини икки қайта айтмоқ)
Абу Маҳзура (розияллоҳу анҳу)дак ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам азонни ўн тўққизта калима билан ва такбири қоматни ўн еттита калима билан унга ўргатдилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Ҳадис, азонда таржиъ (икки қайтарув) суннат эканига очиқ далилдир. Азоннинг калималари таржиъ билан бирга ўн тўққизта калима: Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! - бу тўртта калима. Ашҳаду ан-ла илаҳа иллаллоҳ икки марта паст товуш билан ва икки марта баланд товуш билан айтилгани учун тўртта калима. Ҳар икки ҳолда иккинчи калима таъкид учун. Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ калимаси ҳам икки марта паст товуш билан, икки марта баланд товуш билан айтилгани учун тўрт калимадир. Ҳар икки қолатда иккинчи калима таъкид учун. Ҳаййа ъалас-солаҳ икки марта айтилгани учун икки калима ва иккинчиси таъкид учун. Ҳаййа ъалал-фалаҳ икки марта айтилгани учун икки калима ва иккинчиси таъкид учун. Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! - икки калима. Ла илаҳа иллаллоҳ бир калима. Жами ўн тўққиз калима бўлади. Қоматга эса таржиъ йўқ. Ҳаййа ъалал-фалаҳдан кейинги икки марта Қадди-қоматис-солаҳ иловаси билан 17 калима бўлади. Шофиъий ва Молик азонда таржиънинг борлигига тўхталганлар. Абу Ҳанифанинг фикрларича, азоннинг калималари ўн бешта ва қоматнинг калималари ўн еттита. Имоми Моликнинг фикрича, қоматнинг калималари ўн битта. Чунки Имоми Молик Аллоҳу Акбар ва Қадди-қоматис-солаҳ калималаридан бошқасини бир мартадан ва шу икки калиманигина икки марта ўқийди. Бу ҳам Абу Маҳзурадан қилинган бир ривоятдир. Абу Маҳзура машҳур саҳоба бўлиб, Макканинг муаззинидир. Ҳижратнинг 59-йилида Маккада вафот этган.
(Илова: азонда таржиънинг суннат эканлиги Шофиъий мазҳабидагилар учун. Ҳанафий мазҳабидагилар учун таржиъ йўқ.)
Абу Маҳзуранинг исми - Самура ибн Миъйар.
Айрим илм аҳллари азон борасида шу қавлга эга бўлганлар.
Абу Маҳзура, иқоматнинг калималарини бир мартадан ўқигани ҳам ривоят қилинган.