Ҳазарда (муқимликда) икки вақт намозини жамъ қилмоқ
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, хавф-хатар ва ёмғир бўлмай туриб, Мадинада пешин билан аср намозини ҳамда шом билан ҳуфтон намозини жамъ қилдилар (қўшиб ўқидилар)».
Ибн Аббосдан: «Бу билан (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) нимани мурод этдилар? деб сўралди. Айтди: «Умматларига қийинчилик бўлмаслигини мурод этдилар».
Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатҳ-ул-борий» китобида бундай дейди: «Уламодан бир гуруҳи бу ҳадиснинг зоҳир маъноси билан амал қилиш жиҳатига соҳиб бўлиб, ҳазарда (муқимлиқда) мутлоқ эхтиёж сабаби билан жамъ қилмоқни жоиз кўрдилар. Фақат буни одат қилиб олмасликни шарт қиладилар. Ибн Сийрийн, Робиъа, Ашҳаб, Ибн-ул-Мунзир ва бошқалар шулар жумласидандир. Ал-Хаттобий, муҳаддислардан баъзилари шу фикрда эканликларини қайд этган». Жумҳурнинг (қўпчиликнинг) фикрича, жамъ қилмок, узрсиз ҳолда, жоиз эмас. Жумҳур Ибн Аббоснинг ҳадисига бир қанча жавоблар беради. Шулардан баъзиларини қуйида баён этамиз.
1. Мазкур жамъ қилмоқ бетоблик туфайли бўлганди. Ҳофиз ибн Ҳажар, бу жавобнинг изоҳталаб эканини айтади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, агар бетоблик сабаби билан жамъ қилган бўлса эдилар, ўзларида бетоблик узри бўлган кишилар у кишининг орқаларида намоз ўқиб, узрсиз кишилар ўқишмас эди. Ҳолбуки, Ибн Аббос икки вақт намозини саҳобалари билан бирга жамъ қилганларини айтмоқда.
2. Мазкур жамъ қилмоқ ёмғир сабаби билан эди. Аммо бу «ёмғир» ривояти ҳадисда таъкидланган «хавф-хатар ва ёмғир бўлмай туриб» деган ривоятдан заифдир.
3. Мазкур жамъ қилмоқ, ҳавонинг булутли бўлиши сабаби билан эди. Бинобарин, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, пешин намозини ўқиганларидан кейин ҳаво очилган ва аср вақти кирганини аниқлагач, дарҳол орқасидан аср намозини ўқиганлар. Бу жавоб ҳам тўғри эмас. Чунки, пешин билан асрда бу борада заиф бир эҳтимол бўлса-да, шом билан хуфтонда бундай эҳтимол зинҳор ворид эмас.
4.Мазкур жамъ қилмоқ шаклийдир. Яъни, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни охирги вақтигача таъхир қилиб, аср вақтининг аввалида ўқиганлар. Ан-Нававий: «Бу эҳтимол заиф ёки ботилдир, чунки ҳадиснинг зоҳир маъносига тўғридан-тўғри зиддир». Ҳофиз Ибн Ҳажар, Нававий заиф ёки ботил деб билган бу эҳтимолни, Қуртубий, Имом-ул-Ҳарамайн ва бошқалар маъқуллаганини, ҳатто Ибн Саййидиннос кучли, деб топганини айтади.
Бу бобда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган. Ибн Аббоснинг ҳадиси у кишидан важҳлардан ривоят қилинган. Буни Жобир Ибн Зайд, Саъид ибн Жубайр ва Абдуллоҳ ибн Шақиқ Ал-Уқайлий ривоят қилганлар.
Тағин Ибн Аббос тариқи билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳадиснинг акси ривоят қилинган.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки икки намозни узрсиз ҳолда жамъ қилса (қўшиб ўқиса), шубҳасиз, у гуноҳи кабираларнинг эшикларидан биттасига қадам босган бўлади».
Ҳадис ровийлари орасида учраган Ҳанашнинг куняси - Абу Али Ар-Раҳобий, исми эса - Ҳусайн ибн Қайсдирки, у муҳаддислар наздида заифдцр. Аҳмад ва яна бошқалар унинг заиф эканлигини қайд этишган.
Илм аҳллари наздида амал шу ҳадис асосидадир.
Икки вақт намозини қўшиб бир пайтда ўқишлик фақатгина сафарда ёки Арафотдадир. Тобиъийндан бўлмиш айрим илм ахллари бемор киши учун икки вақт намозини жамъ қилишига рухсат берганлар. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.
Айрим илм аҳллари эса, «Ёмғирли ҳавода икки вақт намозини жамъ қилади», дейдилар. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шундай. Бироқ Шофиъий, бемор киши икки вақт намозини қўшиб ўқийди, деган фикрда эмас.
Жамъ қилмоқ - икки вақт намозини бир вақтда ўқимоқ дегани. Жамъ қилмоқ фақат пешин билан аср ҳамда шом билан хуфтон намозлари орасида мумкин. Ё тақдим ёки таъхир йўли билан қилинади. Яъни аср намози олдинга сурилиб, пешин вақтида пешин намози билан бирга ўқилиши мумкин ёки пешин намози орқага сурилиб, аср вақтида аср намози билан бирга ўқилиши мумкин. Шом ва хуфтон намозларида ҳам ҳолат шундай: Кейин жамъни машруъ қиладиган сабабалар бор. Булардан айримлари суннат, айримлари рухсатдир. Арафот билан Муздалифада жамъ қилиниши суннат, сафарда, беморлиқда, ёмғир ва хавф-хатар сингари ҳолатларда эса рухсатдир. Баъзи имомлар бу рухсатларнинг ҳаммасини, айримлари эса бир қисмини қўллаш йўлини тутган. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳу алайҳ) Арофат ва Муздалифадан бошқа ҳеч қаерда ва ҳеч қандай ҳолда жамъ қилмоқ машруъ эмаслигини айтадилар.