Шом намозининг фарзидан олдинги намоз
Абдуллоҳ ибн Муғаффал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир азон билан такбири қомат ўртасида хоҳлаган киши учун намоз бор».
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Аз-Зубайрдан ҳадис ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Муғаффалнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари шом намозининг фарзидан олдин намоз бор-йўқлиги ҳақида ихтилоф қилдилар. Баъзилари, шомнинг фарзидан олдин намоз йўқ, деган фикрдадир. Бу орада, Пайғамбар саллаллоҳу аяайҳи ва салламнинг саҳобаларидан биттадан ортиқ кишидан ривоят қилинганки, улар шомнинг фарзидан олдин азон билан такбири қомат ўртасида икки ракъат намоз ўқирдилар.
Аҳмад ва Исҳоқ бундай дейишади: «Бу икки ракъатни ўқиса, қандай яхши!». Улар бу икки ракъатни мустаҳаб деб қабул қилаётирлар.