Аср намозидан кейин намоз (борми?)
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозидан кейин икки ракъат намоз ўқиганларининг ягона сабаби шуки, у кишига бир мол келтирилиб, у зотни пешиннинг икки ракъат намозидан қолдирган эди. Асрдан кейин ўша икки ракъатни ўқиб олдилар ва кейин зинҳор бу икки ракъатга қайтмадилар».
Бу ривоят билан (Ҳазрати) Оиша (онамиз (розияллоҳу анҳо)дан келган ривоятлар орасида муораза бор. Чунончи, Оиша онамиз, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозидан кейин Ойша онамизнинг ёнларига келганларида ҳар ҳолда икки ракъат намоз ўқиганларини ва бу ҳол Пайғамбаримизнинг вафотларигача давом этганини таъкидлаганлар. Имоми Бухорий ва бошқалар бу хабарларни тахриж қилганлар. Бу ҳолатда Ибн Аббоснинг «кейин бирор марта бу икки ракъатга қайтмадилар» деган сўзи, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки ракъатни масжидда ўқимасдан, (Ҳазрати) Оиша онамизнинг ҳузурларида ўқиганлари ва Ибн Аббос буни кўрмагани сабаблидир. Чунки Имом Бухорийнинг бир ривоятида ҳазрати Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) бундай дейдилар: «Умматларига машаққат бўлишдан хавотирланиб, бу икки раъкатни масжидда ўқимас эдилар».
Бу бобда Оиша, Умму Салама, Маймуна ва Абу Мусо (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинди.
Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан кейин икки ракъат намоз ўқиганларини биттадан кўп кишилар ривоят қилган. Бу ривоят, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, асрдан кейин то қуёш ботгунича намоз ўқишдан қайтарганлари ҳақидаги ривоятга мухолифдир...
Ибн Аббоснинг ҳадиси янада саҳиҳроқ, чунки у: «кейин зинҳор бу икки ракъатга қайтмадилар» демоқда. Ибн Аббоснинг ҳадисидек яна бир ҳадис Зайд ибн Собитдан ривоят қилинган. Оиша (онамиз)дан бу бобда мутааддид ривоятлар келган; шулардан бирида бундай дейилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан кейин Оиша (розияллоҳу анҳо онамиз)нинг ҳузурларига борганларида ҳар ҳолатда икки ракъат намоз ўқир эдилар». Бошқа бир ривоятда Оиша, Умму Салама (розияллоҳу анҳумо) тариқи билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозидан кейин то қуёш ботгунича ва бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунича намозни манъ этганларини айтадилар.
Бинобарин, илм аҳлларининг кўпчилиги, асрдан кейин то қуёш ботгунича ва бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунича намоз ўқиш кароҳат, деган тўхтамда мутобиқ (фикрдош) қолганлар. Шу билан бирга бу қоидадан истисно қилинган ўринлар ҳам бор. Масалан, асрдан кейин то қуёш ботгунича Маккада (Каъба ва тавофидан кейин) намоз ўқилади ва бомдод намозининг орқасидан тавофдан кейин то қуёш ботгунича намоз ўқиладики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга рухсат берганлари ривоят қилинган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингиларидан бўлмиш илм аҳлларидан бир қисмининг қавли шудир. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг ҳам қавли шундай. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан бўлмиш бир қисм илм аҳллари эса аср ва бомдод намозидан кейин Маккада бўлса ҳам намоз ўқилишини макруҳ деб айтганлар. Суфён Ас-Саврий, Молик ибн Анас ва Куфа аҳлидан баъзиларининг қавли шудир.