Аср ва бомдод намозидан кейин намоз ўқиш кароҳат эканлиги
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан биттадан ортиқ кишидан эшитдим; менга жуда севимли бўлмиш Умар ибн Ал-Хаттоб ҳам шулар орасида бор; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунича намоз ўқимоқдан ва аср намозидан кейин то қуёш ботгунича намоз ўқимоқдан қайтардилар».
Бу бобда Али, Ибн Масъуд, Уқба ибн Омир, Абу Ҳурайра, Ибн Умар, Самура ибн Жундуб, Абдуллоҳ ибн Амр, Муъоз ибн Афро, Ас-Сунобиҳий (Расулуллоҳнинг ўзларидан эшитмаган), Салама ибн Ал-Акваъ, Зайд ибн Собит, Оиша, Каъб ибн Мурра, Абу Умома, Амр ибн Абаса, Йаъло ибн Умаййа ва Муовия (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Аббос (Ҳазрати) Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилган ҳадис ҳасан-саҳиҳ. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан бўлмиш фақиҳларнинг кўпчилиги фикри ушбудир: Бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунича ва аср намозидан кейин то қуёш ботгунича намоз ўқишни макруҳ дейдилар. Аммо қазо намозлари асрдан кейин ва бомдоддан кейин ўқилишида зарар йўқ.
Али ибн Ал-Маданий, Яҳё ибн Саъид тариқи билан (яъни шу киши орқали) Шуъбадан нақл этиб, бундай дейди: Қатода, Абул-Алийадан фақат учта ҳадис эшитган: (Ҳазрати) Умарнинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозидан кейин то қуёш ботгунича ва бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунича намоз ўқишдан қайтардилар», деган ҳадисини, Ибн Аббоснинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки, «Мени, Маттоънинг ўғли Юнусдан кўра хайрлироқ деб айтмоқлик ҳеч кимга ярашмайди» деган ҳадисини ҳамда Алининг: «Қозилар учтадир...» деган ҳадисини (эшитган, холос).