(қуръони каримда зикр қилинган) «солати вусто» (яъни «ўрта намоз») - аср намози эканлиги, у пешин намози, деб ҳам (фикр) айтилгани
Самура ибн Жундуб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўрта намоз — аср намозидир».
Бу бобда Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, Оиша (онамиз), Ҳафса(онамиз), Абу Ҳурайра ва Абу Ҳошим ибн Утба (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Муҳаммад, Али ибн Абдуллоҳдан нақл этиб, бундай дейди: «Ал-Ҳасаннинг Самура ибн Жундубдан ривоят қилган ҳадиси - саҳиҳ, Ҳасан Самурадан эшитган».
Самуранинг «Солати вусто» («Ўрта намоз») борасидаги ҳадиси ҳасан. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан бўлмиш илм аҳллари кўпчилигининг қавли шу.
Зайд ибн Собит ва Оиша (онамиз) (розияллоҳу анҳумо) «Ўрта намоз - пешин намозидир» дейдилар.
Ибн Аббос ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳум) эса ўрта намоз - бомдод намози эканлигини айтадилар.
Абу Мусо Муҳаммад ибн Ал-Мусаннаъ бизга Курайш ибн Анас орқали, Ҳабиб ибн Аш-Шаҳиддан сўзлаб берди. Ҳабиб айтадики, «Муҳаммад ибн Сийрийн менга «Ал-Ҳасандан сўра-чи, Ал-Ақиқа ҳадисини кимдан эшитибди?» деди. Шунда ундан сўрадим, у: «Буни Самура ибн Жундубдан эшитдим», деди.
Муҳаммад ибн Исмоил менга хабар бериб айтдики, «Али ибн Абдуллоҳ ибн Маданий бу ҳадисни (сўзни) Қурайш ибн Анасдан нақл этиб бизга етказди».
Муҳаммад ибн Исмоил, Алидан нақл этиб, «Ҳасаннинг Самурадан эшитгани тўғри» дейди ва бу ҳадисни далил сифатида қабул қилади.