Бир нечта намозни ўтказиб юборган киши (қазосини ўқишни) қайси намоздан бошлайди?
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Хандақ (уруши) кунида мушриклар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни тўрт вақт намоздан қолдирдилар. Ҳатто кеч тушди, вақт алламаҳал бўлгач, Билолга (азон ва қомат айтишни) буюрдилар, у азон айтди, кейин такбир келтирди, пешин намози (қазоси)ни ўқидилар. Кейин такбир айтди, аср намози (қазоси)ни ўқидилар. Кейин такбир айтди, шом намози (қазоси)ни ўқидилар. Кейин такбир айтди, хуфтон намозини ўқидилар».
Бу ўринда «тўрт намоз» сўзи янглишдир. Чунки хуфтон намози қазо қилиб эмас, балки, вақтида ўқилган. Чунончи, муътод вақтидан таъхир қилингани (кечиктирилгани) учун қазо намозларига қўшилиб қолди.
Ҳадис, қазо намозларини аввал биринчисидан бошлаб, тартиб билан ўқилиши кераклигига далолат қилади. Ҳофиз ибн Ҳажар, «Аксарият, уламо билиб ёки унутиб қазо қилинган намозлар ўртасида тартиб вожибдир деган фикрда», дейди. Шофиъий эса, ўтган (қазо) намозларда тартиб вожиб эмас, дейди. Айни пайтда, вақти торайиб қолган адо намози пайтида фавт бўлган, ўтган намозни эсламоқ масаласида олимлар ихтилоф қилишган. Адо намозининг вақти чиқса ҳам, аввал қазо намозини ўқийдими ёки (аввал) адо намозини ўқийдими? Ёки намозхон бу икки намоз ўртасида ихтиёрли қилинадими? Имоми Молик биринчи қавлга эга бўлганлар. Ҳанафийлар, Шофиъийлар ва муҳаддисларнинг кўпчилиги иккинчи қавлни ёқлаганлар. Ашҳаб: «Икки намоз ўртасида мухаййар (ихтиёрли) қилинади» дейди. Қози Иёз айтадики, «Бу масалада ихтилоф нуқтаси соҳиби тартиб бўлган кишидир. Соҳиби тартиб бўлмаган киши олдин адо (вақтидаги) намозни ўқиб олишлиги борасида ихтилоф йўқ. Фақатгина «соҳиби тартиб»ликдан чиқарадиган озгина ҳадни белгилаш борасида ихтилоф қилинган: бировнинг фикрича бир кунлик намоз ва бировнинг фикрича эса тўрт вақт намозидир».
Бу бобда Абу Саъид ва Жобир (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Абдуллоҳнинг ҳадиси иснодида зарар йўқ. Чунончи, Абу Убайда Абдуллоҳдан эшитган.
Ўтган намозлар қазосини ўқишлик борасида илм аҳллари ихтиёр этган ҳукм ушбудир: Киши ўқийдиган ҳар бир қазо намози учун алоҳида такбир айтади. Такбир айтмаса ҳам, жоиздир. Шофиъийнинг қавли шу.