Ухлаб қолиб намозни ўтказиб юбормоқ
Абу Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга, ухлаб қолиб намозни ўтказиб юборишгани ҳақида айтиб беришди. Шунда айтдиларки, «Тафрит (айб) уйқуда эмас. Тафрит (айб) фақат уйғоқлик ҳолатидадир. Сизлардан бирортангиз намозни унутса ёки ухлаб қолиб ўтказиб юборса, ёдига тушган заҳоти дарҳол ўқиб олсин».
Бу бобда Ибн Масъуд, Абу Марям, Имрон ибн Ҳусайн, Жубайр ибн Мутъим, Абу Жуҳайфа, Абу Саъид, Амр ибн Умаййа Ад-Дармий, Зу Миҳбарки, Ан-Нажошийнинг биродарзодари бўлган бу зотни Зу Миҳмар ҳам дейдилар, (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Қатоданинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Ухлаб қолиб ёки унутиб намозни ўтказиб юборган ва кейин бошқа намоз вақтида, қуёш чиқаётганда ёки ботаётганда уйғонган ёхуд эсига тушган киши ҳақида илм аҳллари ихтилоф қилишди: Бирови: «Қуёш чиқаётганда ёки ботаётганда бўлса ҳам, уйғонган заҳоти ёки ёдига тушган заҳоти ўша намозни ўқийди», дейди.
Аҳмад, Исҳоқ, Шофиъий ва Моликнинг қавли шу. Баъзилар эса: «Қуёш чиқиб бўлгунча ёки ботиб бўлгунича ўқимай туради», дейди.
Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг қавли шудир. Қуёш чиқаётган бўлса, то чиқиб бўлгунича ва ботаётган бўлса, то ботиб бўлгунича намоз ўқилмайди. Имом Бухорий (Ҳазрати) Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган бир ҳадис билан истидлол қилади (далил келтирилади). Ҳадис ушбудир: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуёшнинг қоши кўринган махал (ёй шаклидаги бош қисми чиққан маҳал) то кўтарилгунига қадар намозни таъхир қилинг, қуёшнинг қоши ботган бўлса, то (тўлиқ) ботгунича намозни таъхир қилинг».