Имом таъхир этган тақдирда намозни вақтли ўқиб олмоқ
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Ё Або Зарр! Мендан кейин шундай амирлар (бошлиқлар) келадики, намозни ўлдиришади. Сен намозларни вақтида ўқигил! Агар вақтида ўқилса, (улар билан қайта ўқиганинг) сенга нафл бўлади. Агар вақтида ўқилмаса, сен албатта ўз намозингни сақлаб қолган бўласан».
Ан-Нававийнинг фикрича, ҳадиснинг маъноси бундай: «Бу амирлар намозни мухтор бўлган вақтидан таъхир этиб, кечиктиришларини аҳволларидан фаҳмлайсан ва ўз намозингни вақтнинг аввалида ўқиб оласан. Кейин улар намозни мухтор бўлган вақтида ўқишса, улар билан бирга қайта ўқийсан ва нафл намози савобини қўлга киритасан. Мабодо мухтор бўлган вақтида ўқишмаса, яна ҳам кечиктиришса, сен ўз намозингни ўқиб олган ва иҳроз этган (сақлаб қолган) бўласан». Бу ҳадис, агар бир вақт намози икки марта ўқилса, биринчиси фарз ва иккинчиси нафл бўлишига далолат қилади. Шунингдек, бу ҳадис, имом намозни кечиктирган тақдирда, маъмун (ҳимоя остидаги киши) ўз намозини вақтининг аввалида ўқиб олишига изн беради. Шундай қилиб, аввалги вақтнинг фазилатига эришади, кейин жамоат билан ҳам ўқиса, жамоат савобини олади.
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Убода ибн Ас-Сомит (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Заррнинг ҳадиси ҳасан. Илм аҳлларидан биттадан кўп кишининг қавли ушбудир: Имом намозни таъхир этган тақдирда, киши ўз намозини вақтида ўқиб олишини ва кейин имом билан бирга қайта ўқишини мустаҳаб деб биладилар. Бундай ҳолатда фарз бўладиган намоз, илм аҳлларининг кўпчилиги наздида, биринчи намоздир.
Абу Имрон Ал-Жавнийнинг исми - Абдумалик ибн Ҳабиб.