Намозни вақтининг аввалида (вақти кирган заҳоти) ўқишнинг фазилати
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аллоҳ у кишидан омонатини олгунига қадар (яъни умрларининг сўнгигача) бирорта намозни икки марта охирги (тугаш) вақтида ўқиган эмаслар».
Ҳазрати Мулла Алий ал-Қорий ушбу ҳадиснинг изоҳи ҳақида бундай дейди: «Балки Оиша (онамиз) бунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрганмоқ учун Жаброил(алайҳиссалом) билан ва ўргатмоқ учун савол берган бир киши билан ўқиган намозларини ҳисобга олмагандирлар. Фақатгина Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча намозларини ихтиёрий вақтларда ўқишни одат қилганларини, (аммо) нодиран ва зарурий бир сабаб билан баъзи намозларни охирги вақтигача таъхир этганларини таъкидламоқчи бўлгандирлар».
Бу ҳадис ҳасан-ғариб ва исноди муттасил эмас.
Шофиъий айтадики, «Намоз вақтининг аввали (бошланиш вақти) афзалроқ. Аввалги вақтининг охирги вақтидан кўра фазилатлироқ эканига далолат қилган хусуслардан бири эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, (Ҳазрати) Абу Бакр ва (Ҳазрати) Умар (розияллоҳу анҳумо) таржиҳ этган нарсадирки, фақат афзал нарсани таржиҳ этган ва фазилатни қўлдан бермаган бу зотлар вақтнинг аввалида намоз ўқир эдилар».
Шофиъийнинг бу сўзини Абул-Валид Ал-Маккий бизга айтиб берди.