Қазои ҳожат вақтида сатр қилиш (авратни тўсиш)
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожат қилмоқчи бўлганларида чўккаламасдан олдин этакларини юқори кўтармас эдилар».
Муҳаммад ибн Рабиъа бу ҳадисни Ал-Аъмашдан, Анасдан шу тарзда ривоят қилган. Вакиъ билан Абу Яҳё Ал-Ҳиммоний бу ҳадисни Ал-Аъмашдан, Ибн Умардан ривоят қиладилар: Ибн Умар дедики, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожат қилмоқчи бўлганларида ерга чўккаламасдан этакларини юқори кўтармас эдилар».
Ҳар иккала ҳадис ҳам мурсалдир. Ал-Аъмаш на Анасдан, на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа саҳобаларидан эшитган, ҳеч биридан эшитмаганлиги айтилди. Ҳолбуки, Анас ибн Моликни (Ал-Аъмаш) кўрган. «Уни намоз ўқиётганида кўрдим» дейди ва намоз борасида ундан бир воқеани нақл этади. Ал-Аъмашнинг исми - Абу Муҳаммад Сулаймон ибн Миҳрон Ал-Коҳилий. Ўзи Ал-Коҳилийларнинг мавлоси (яъни озод этилган қулидир). Отаси ҳақида бундай дейди: «Отам бир асранди (қарамоғдаги) киши эди. Масруқ уни ўзига меросхўр қилди».