Хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришга рухсат борлиги
Умар Ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтдиларки, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг ишларидан бўлмиш бирор масалада Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) билан гаплашиб қолар ва мен ҳам улар билан бирга бўлар эдим».
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Амр, Авс ибн Хузайфа ва Имрон ибн Ҳусайндан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
(Ҳазрати) Умарнинг ҳадиси ҳасан.
Бу ҳадисни Ҳасан ибн Убайдуллоҳ, Иброҳимдан, Алқамадан, Жуф аширатидан (ақрабосидан) бўлмиш Қайс ёки Ибн Қайс деган бир кишидан, (Ҳазрати) Умардан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан узун бир ҳикоя тарзида ривоят қилади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндан ва кейингилардан бўлмиш илм аҳллари хуфтон намозидан кейин гаплашиб ўтириш борасида ихтилоф қилдилар. Баъзилари хуфтон намозидан кейин гурунглашиб ўтирмоқни кариҳ деб ҳисоблайди. Баъзилари эса, илм ёки бошқа зарурий эҳтиёж маъносида бўлса, гаплашмоққа рухсат беради, Ҳадисларнинг кўпи ҳам рухсати мутазамминдир (яъни, рухсатни ўз ичига олгандир).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганлари ҳам ривоят қилинган: «Мусомара (суҳбатлашув) фақатгина (кечаси) намоз ўқиган ёки йўлга чиққан киши учундир».