Хуфтон намозини таъхир қилмоқ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; дедики, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматимга машаққат бўлишидан хавотирланмасам эдим, хуфтон намозини кечанинг учдан бир қисмигача ёки ярмигача таъхир қилмоқни буюрган бўлар эдим».
Бу бобда Жобир ибн Самура, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Барза, Ибн Аббос, Абу Саъид Ал-Худрий, Зайд ибн Холид ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндан ва кейингилардан бўлмиш илм аҳлларининг кўпчилиги ушбу қавлни ихтиёр этганлар: Хуфтон намози таъхир қилиб ўқилади деган фикрдалар. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.
Таржимон иловаси: «Хуфтон намозининг вақти шафақ ботгандан кейин бўлур. Витр намозининг вақти хуфтон намозидан кейин то тонг отгунча бўлур. Тонг вақти эса субҳи содиқ (чин тонг)дур, субҳи козиб (ёлғон тонг) эмасдур. Бу айтилган вақт хуфтон намози ва витр намозларининг вақтидур». («Мухтасар ул-виқоя», 72-бет).
«Хуфтон намозини кечасининг учдан бир қисмигача таъхир қилмоқ (кечиктирмоқ) мустаҳабдур, агар кечасининг ярмигача узр бирла таъхир қилса, макруҳ бўлмас, агар узрсиз кечанинг ярмидан ўтса, макруҳдир». («Мухтарсар ул-виқоя» шарҳидан).