Хуфтон намозининг вақти
Ан-Нуъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Бу намознинг вақтини мен (бошқа) инсонлардан кўра яхшироқ биламан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни (хуфтонни) ойнинг учинчи кечасидаги ой ботиши палласида ўқир эдилар».
Бу ҳадис, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам арабий ойнинг учинчи кечасидаги ой ботиши палласида хуфтон намозини ўқиганларига далолат қилади. Шофиъий уламосидан баъзилари хуфтон намозининг вақтли ўқилишини шу ҳадис билан истидлол қилишади (далиллашади). (Ан-Нававийнинг «Ал-Мажмуъ» асари, 55-58/3).
Ибнут-Туркмоний «Ад-Жавҳар-ун-нақийа» (450/1) сарида Шофиъийларнинг бу истидлолини ўринсиз деб билиб, бундай дейди: «Арабий ойнинг учинчи кечасида ойнинг ботиши, ўн икки соатга бўлинган ўша кечанинг соатларидан икки соату ўттиз тўрт дақиқа кейин содир бўлади. Қизил шафақ эса бу вақтдан анчагина олдин ботиб кетади. Бас, бу ҳадисда хуфтон намозини эрта ўқишлик ҳақида ишорат йўқ».
Аҳмад Муҳаммад Шокир, Ибнут-Туркмонийнинг бу сўзи ҳақида бундай дейди: «Ушбу ҳадисда хуфтон намозини эрта ўқишликка доир далил йўқлиги жиҳати тўғри. Аммо ойнинг ботиши янглиш ҳисоб қилинган. Миср ҳукуматининг расмий тақвимида (турли) арабий ойларнинг учинчи кечаларида ой турли хил вақтларда ботиши кўрсатилган»...
Абу Бакр Муҳаммад ибн Абон бизга худди шу ҳадисни «Абдурраҳмон ибн Маҳдийдан, Абу Авонадан...» деган иснод билан сўзлаб берди.
Хушайм бу ҳадисни Бишрнинг отасидан, Ҳабиб ибн Солимдан, Ан-Нуъмон ибн Баширдан ривоят қилади ва бу ривоятда «Башир ибн Собитдан» деган жойини зикр қилмайди.
Абу Авонанинг ҳадиси, бизнингча, янада саҳиҳроқ. Чунки, Язид ибн Ҳорун, Шуъбадан, Бишрнинг отасидан, Абу Авонанинг ривоятидек ривоят қилган.