Шом намозининг вақти
Салама ибн Ал-Акваъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозини қуёш ботган ва пардага яширинган вақтда ўқир эдилар».
Ҳадисда ворид бўлган «пардага яширинган вақтда» жумласи (қуёш ботган вақтда деган) биринчи жумланинг тафсиридир. Баъзиларнинг фикрича, шом намозининг вақти қуёш ботган вақт бўлиб, бу вақтнинг боши ва охири йўқ, фақатгина намоз ўқиб олгулик бир вақтдир. Бошқа олимларнинг фикрича шом намозининг бошланиш вақти - қуёш ботган вақт, охири эса - шафақ йўқолган вақт.
Бу бобда Жобир, Ас-Сунобиҳий, Зайд ибн Холид, Анас, Рофиъ ибн Ходиж, Абу Аййуб, Умму Ҳабиба, Аббос ибн Абдулмутталиб ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган. Аббоснинг ҳадиси унинг ўзида мавқуф бўлган тарзда ривоят қилинадики, шу энг саҳиҳ ҳадисдир. Ас-Сунобиҳий эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитмаган. У Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг биродаридир.
Салама ибн Ал-Акваънинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан бўлмиш илм аҳлларидан кўпчилигининг фикри ушбудир: Шом намозини эрта ўқишликни таржиҳ қилиб (афзал кўриб), таъхир этмоқликни кариҳ деб ҳисоблайдилар. Ҳатто айрим илм аҳллари бундай дейдилар: «Шом намози учун фақат биттагина вақт бор». Жаброил (фаришта алайҳиссалом) имом бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга намоз ўқиб бергани борасидаги ҳадисга асосланганлар. Ибнул-Муборак ва Шофиъийнинг қавли шудир.