Аср намозини вақтли ўқимоқ
Ал-Аъло ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинди: Пешин намозини ўқиб тарқалишгандан кейин у Анас ибн Моликнинг Басрадаги уйига кирди. Унинг уйи масжиднинг ёнбошида эди. Шунда Анас (аср вақти киргач): «Турингизлар, асрни ўқингизлар!», деди. (Ал-Аъло) айтадики, «Биз туриб, намозни ўқидик. Намозни ўқиб бўлгач, (Анас) бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, айтдиларки: «Мунофиқнинг намози улдирки, (ўтириб) қуёшни кузатади, қуёш то шайтоннинг икки шохи орасига киргунича қарайди, (сўнг) туриб, худди дон чўқигандек, тўрт ракъат намоз ўқийди ва бу ракъатларда Аллоҳни жуда оз зикр қилади» (жуда қисқа ўқийди).
Қуёш, шайтоннинг икки шохи орасига кириши - кун ботаётганидан киноядир. Бу таъбирдан, кароҳат вақти киргани кўзда тутилган бўлиши мумкин. Суйутий, «Қут-ул-муғтазий» китобида, бу бир мажоз эмас, балки ҳақиқат эканлигини таъкидлайди ва бундай дейди: «Қуёш ботаётганда ва чиқаётганда шайтон қуёшнинг ёнида туради. Токи, қуёшга сажда қилаётганлар гўё шайтонга сажда қилаётгандек бўлишсин».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.