Аср намозини вақтли ўқимоқ
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини қуёш ҳужрамга тушиб турганида, ҳали соя ҳужрамдан юксалмай туриб ўқидилар».
Бу ҳадиси шариф, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини вақти кириши билан (бошланиш вақтида) ўқиганларига далолат қилади. Чунки қуёшнинг ҳали ҳужра ичига тушиб туриши кунботар тарафдаги девор сояси кунчиқар томондаги деворга тушмаган ва бу деворга кўтарила бошламаган вақтни кўрсатади. Шу ҳолда деворнинг сояси ўз бўйи билан баробардир. (Ан-Нававий).
Бу бобда Анас, Абу Арво, Жобир ва Рофиъ ибн Ходиж (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган. Яна Рофиъ тариқи билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан аср намозини таъхир этиш ҳақида битта ҳадис ривоят қилинган, саҳиҳ эмас.
Оиша (онамиз)нинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан баъзи илм аҳллари таржиҳ этган ҳукм шу. (Ҳазрати) Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Оиша (онамиз) ва Анас (розияллоҳу анҳум) ана шулардандир. Тобиъийндан мутааддид илм аҳллари шу қавлни таржиҳ этганлар. Аср намози барвақт ўқилмоғига тўхталадилар ва таъхир этмоқни кариҳ деб ҳисоблайдилар. Абдуллоҳ ибн Ал-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг ҳам қавли шудир.