Тик туриб кичик қазои ҳожат қилиш рухсати
Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавмнинг супуриндилар ташланадиган жойига келиб колдилар-да, тик туриб пешоб қилдилар. У кишига таҳорат суви келтирдим. Четланиш учун орқамга қайтиб кетаётган эдим, мени (ёнларига) чақирдилар. (У кишига) шу қадар яқинлашдимки, худди товонларининг ёнида эдим. Таҳорат қилдилар ва маҳсилари устига масҳ тортдилар».
Бу ҳадисни айни пайтда Аҳмад (ибн Ҳанбал), Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Ан-Насоий ва Ибн Можа ривоят қилишган. Айримлари тик туриб бавл қилиш жоизлигини, Оиша онамизнинг ҳадиси билан мансух (бекор) бўлган деб даъво қилишади. Оиша онамиз ҳадиси саккизинчи бобда ўтди. Ҳофиз ибн Ҳажар «Ал-фатҳ» китобида бундай дейди: «Аслида мансух эмас, Оишаниннг ҳадиси эса унинг ўз билимига (шоҳидлигига) таянган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўтириб бавл қилганлари уйларидаги ҳожатхоналарга тегишли. Уйларидан ташқарида эса Оиша онамиз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳолатларига гувоҳ эмаслар. Кейин бу ҳадисни Ҳузайфа ривоят қилганки, у саҳобаларнинг олдингиларидандир.
(Илова: Бу супуринди хас-чўплари ташланадиган жой бир деворнинг орқасида эди. Хузайфа (розияллоҳу анҳу) у кишини пана қилиб турганлар. Ўтиришга жой топилмаган пайтда тик туриб пешоб қилиш жоиз, дейилади).
Ал-Жоруддан эшитдим; айтдики, Вакиъ бу ҳадисни Ал-Аъмашдан ривоят қилганини ва кейин бундай деганини эшитдим: «Бу ҳадис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан масҳ тортиш борасида нақл қилинган энг саҳиҳ ҳадисдир».
Абу Аммор Ҳусайн ибн Ҳурайсдан ҳам эшитдим: у ҳам «Вакиъдан эшитдим», деди ва деярли худди шу нарсани зикр қилди.
Мансур ҳамда Абу Убайда Ад-Даббий бу ҳадисни Абу Воил орқали Ҳузайфадан, худди Ал-Аъмашнинг ривоятидек, ривоят қилишди. Ҳаммод ибн Абу Сулаймон ҳамда Осим ибн Ваҳдала эса бу ҳадисни Абу Воилдан, Ал-Муғийра ибн Шуъбадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар. Абу Воилнинг Ҳузайфадан қилган ривояти янада саҳиҳроқ. Илм аҳлидан айримлари тик туриб пешоб қилишга рухсат берганлар.
Иброҳим Ан-Нахоий (ҳадисни) Убайда йбн Амр Ас-Салмонийдан ривоят қилганки, бу киши тобеъиннинг энг олдингиларидандир. Убайдадан бундай деб нақл этгани ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан икки йил олдин мусулмон бўлдим». Иброҳимнинг биродари бўлган Убайда Ад-Даббийнинг исми - Убайда ибн Муаттиб Ад-Даббий, куняси эса - Абу Абдулкарим.