Пешин намозини жазирама кунларда (кечиктириб, яъни салқин тушмоғини кутиб) ўқимоқ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кун қаттиқ қизиб кетганда пешин намозини салқин тушириб ўқингизлар. Чунки жазирама иссиқнинг шиддати жаҳаннам нафасидандир».
Ҳадисда туш пайтидаги жазирама жаҳаннам ҳарорати туфайли эканлиги билдирилмоқда. Буни ҳақиқат деб айтганлар бор, шунингдек туш пайтидаги жазирама жаҳаннам оловига ўхшатилган, мажозий бир таъбир, деб уқтирганлар ҳам бор. «Ал-урф-уш-шазийй» муаллифи бу борада айнан бундай дейди: «Бу ўринда ақлий бир савол чиқади: Ҳароратнинг кучайиши ва пасайиши, дунёмизнинг қуёшга бўлган яқинлиги ва узоқлиги билан мутаносиб эканлиги тажриба билан собит бўлган экан, жазираманинг шиддати жаҳаннам ҳарорати ёйилиши туфайлидир, деб қандай айтиб бўлади?!» Муаллиф ўз саволига бундай деб жавоб беради: «Ашёнинг (нарсаларнинг) зоҳир сабаблари бўлганидек, тағин ботин сабаблари бор. Шариат, табиат ҳодисаларининг фақатгина ботин сабабларини изоҳлайди; зоҳир сабабларини ҳам инкор қилмайди». Бу жавоб, зоҳир сабаблар билан ботин сабаблар ўртасида тафовут бўлмаган тақдирда, тўғри. Лекин шариат ҳукми билан эски ва янги фалсафий назариялар ўртасида тафовут бўлса, борди-ю бу назариялар илман ва тажриба билан собит бўлган яқийн даражада бўлмаса, унда заруратан шариат ҳукмини олмоқ керак. Агар яқин даражада бўлса, унда шариат ҳукми келишувни (мутаносибликни) таъминлайдиган тарзда таъвил қилинади.
Шуни алоҳида таъкидламоқ керакки, илман ва тажриба билан собит бўлган табиат ҳақиқатлари билан бу ҳақиқатларга доир шариат фикр-қараши ўртасида зиддият йўқ ва бўлмайди ҳам. Чунки табиат Аллоҳнинг яратган нарсаси ва ҳукм ҳам Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарса ҳақида янглиш ҳукм бергувчи эмас. Мабодо, бирор зиддият ёки тафовут кузатилса, бу фақатгина биз бандаларнинг тушунчаларимизга оиддир.
Бу бобда Абу Саъид, Абу Зарр, Ибн Умар, Ал-Муғийра, Савфон, Абу Мусо, Ибн Аббос ва Анас (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
(Ҳазрати) Умар (розияллоҳу анҳу) орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу бобда битта ҳадис ривоят қилинган; (аммо) саҳиҳ эмас.
Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳлидан баъзилари, жазирама кунларда пешин намозини таъхир қилмоқ (кечиктирмоқ) жиҳатини таржиҳ этадилар (устун кўрадилар). Ибнул-Муборак, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир. Шофиъий айтадики, «Пешин намозини салқин тушгунча таъхир этмоқ (андак кечиктирмоқ) фақатгина жамоати узоқ жойдан келадиган масжид учундир. Аммо якка ўзи ёки ўз ноҳияси масжидида намоз ўқийдиган кишилар учун жазирама иссиқларда ҳам пешин намозини таъхир қилмаслик, менимча, маъқулроқ».
Жазирама иссиқ кунларида пешин намозини таъхир этмоқ (андак кейинроқ ўқимоқ) керак, деб айтганларнинг ҳолати авло ва суннатга иттибоъ қилмоққа (эргашмоққа) янада яқинроқдир. Шофиъий рухсати, узоқдан келганлар учун ва машаққат чекиш сабаби биландир, деган қавлига келсак, Абу Заррнинг ҳадисида Шофиъийнинг бу ижтиҳодига мухолиф (қарши) бўлган бир маъно бор. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) айтадики: «Бир галги сафарда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. Билол пешинга азон айтди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё Билол! Салқинлатгил! Яхшигина салқинлатгил!» дедилар. Агар масала Шофиъий айтганидек бўлса эди, пешин намозини салқин тушгунига қадар таъхир этмоқлиқда маъно қолмас эди. Чунки ҳаммалари бир жойда эдилар ва намозга келмоқ учун узоқ масофани босиб ўтмоқка эҳтиёж йўқ эди.