Пешин намозини вақтли ўқимоқ
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Пешин намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан, (Ҳазрати) Абу Бакрдан ва (Ҳазрати) Умардан ҳам кўра вақти кириши билан ўқиган бирон кишини кўрмадим».
Бу бобда Жобир ибн Абдуллоҳ, Ҳаббоб, Абу Барза, Ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, Анас ва Жобир ибн Самура (розияллоҳу анҳум)дан битадан ҳадис ривоят қилинган.
Оиша (онамиз)нинг ҳадиси ҳасан. Хоҳ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, хоҳ кейингилардан бўлсин, илм аҳлининг таржиҳи (афзал кўргани) шудир.
Али ибн Ал-Маданий, Яҳё ибн Саъиддан нақл этиб, бундай дейди: «Ҳаким ибн Жубайр, Ибн Масъуд оркали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят этган «Ҳар кимки ўзи муҳтож бўлмаган нарсани инсонлардан тиласа...» деган ҳадис сабабли, Шуъба у ҳақда (танқидий) сўз қилган. Яҳё: «Суфён ва Зоида, Ҳаким ибн Жубайрдан ривоят қилишди» дейди ва унинг ҳадисида зарар йўқ деб ҳисоблайди.
Муҳаммад (Ал-Бухорий) айтадики, «Пешин намозини вақтли ўқиш борасида Ҳаким ибн Жубайрдан, Саъид ибн Жубайрдан, Оиша (онамиз)дан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривоят қилинган».