Бомдод намозини тонг оқарганда ўқимоқ
Рофиъ ибн Ходиж (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деб айтганларини эшитдим: «Бомдод намозида кунни оқартиринг, чунки бунинг ажр-савоби улуғроқдир!».
Шуъба ва Ас-Саврий бу ҳадисни Муҳаммад ибн Исҳоқдан ривоят қилган. Муҳаммад ибн Ажлон ҳам Осим ибн Умар ибн Қатодадан ривоят қилади.
Бу бобда Абу Барза Ал-Асламий, Жобир ва Билол (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан мутааддид илм аҳллари бомдод намози кун оқарганда (тонг ёруғи пайдо бўлганда) ўқилади, деган фикрдалар. Суфён Ас-Саврийнинг қавли шудир.
Абу Ҳанифа бомдод намози атроф оқарганда ва ёришганда ўқилади, деган фикрдалар. Бу қавлга эга бўлганлар ўз сўзларини ушбу 117-бобнинг ҳадиси билан ва айни вақтда Бухорий ва Муслим ривоят қилган Ибн Масъуднинг ҳадиси билан далиллайдилар. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадиси ушбудир: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, икки намоздан бошка биронта намозни вақтидан ташқарида ўқиганларини кўрмадим. Шом билан хуфтон намозини жамъ қилдилар ва бомдод намозини вақтидан олдин ўқидилар», дейди. Ибнут-Туркмоний «Ал-жавҳар ун-нақийа» китобида: «Яъни бомдод намозини одатдаги вақтидан олдин ўқидилар», дейди. Чунки бомдод намозини тонг отишидан олдин ўқиганларини тасаввур қилиб бўлмайди ва бу жоиз эмас. Унда муътод вақтидан олдин ўқиганлари назарда тутилади. Бу эса бомдод намозининг муътод вақти субҳи содиқ бўлганидан кейинги атроф оқарган вақт эканлигини кўрсатади.
Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ айтадиларки, «Исфар» (яъни, «оқармоқ»)нинг маъноси тонг шубҳа қилинмайдиган даражада аниқ бўлишидир. Аммо намозни таъхир этиш (кечиктириш) маъносида эмас.