Намоз вақтлари
Бурайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у деди: «Бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, намоз вақтлари (ҳақида) савол берди. Шунда (Расулуллоҳ): «Бизлар билан қолиб намозларни бирга ўқи, иншааллоҳ (кўриб, билиб оласан)!» дедилар. Ва Билолга буюрдилар, тонг отиши билан у азон айтди. (Ва бомдод намозини ўқиб бердилар). Кейин унга буюрдилар, қуёш тиккадан оғиши билан у азон айтди ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозини ўқиб бердилар. Кейин унга буюрдилар, у азон айтди, қуёш ҳали оппоқ ва (анча) тепада эканида аср намозини ўқиб бердилар. Кейин қуёш ботиши билан шом намозига буюрдилар. Шундан сўнг хуфтон намозига амр қилдилар, шафақ йўқолиши билан у (Билол) азон айтди. Кейин эртанги намозларни унга буюрдилар ва бомдод намозида атрофнинг оқармоғини (тонг ёруғи пайдо бўлишини) кутди. Кейин пешин намозини буюрдилар ва (Билол) ҳавонинг салқинлашмоғини кутди. Кейин аср намозини буюрдилар ва қуёш сўнгги вақтда бўладиган жойнинг устида (уфқдан тепароқда) турганида у азон айтди. Кейин унга буюрдилар, шом намозини шафақ йўқолишига озгина вақт қолгунча кечиктирди. Кейин хуфтон намозини буюрдилар ва у кечанинг учдан бири ўтганда азон айтди. Сўнгра: «Намоз вақтларини сўраган киши қани? дедилар. У киши: «Менман», деди. Шунда (Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Намоз вақтлари ана шу икки вақтнинг орасидир!»