Намоз вақтлари
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; дедики; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намоз вақтларининг бошланиш ва тугаш муддатлари бор. Пешин намозининг бошланиш вақти қуёшнинг оғишидир ва тугаш вақти аср вақтининг киришидир. Аср намозининг бошланиши ўз вақти киришидир ва тугаш вақти қуёшнинг сарғайишидир. Шом намозининг бошланиш вақти қуёшнинг ботишидир ва тугаш вақти уфқнинг йўқолишидир. Хуфтон намозининг бошланиш вақти уфқ йўқолганидан сўнгдир ва тугаш вақти кечанинг ярим бўлишидир. Бомдод намозининг бошланиш вақти тонг отишидир, тугаш вақти эса қуёшнинг чиқишидир».
Хуфтон намози вақтини ярим кечагача чўзиш ихтиёрийдир. Хуфтоннинг жоиз вақти эса то иккинчи тонг, яъни субҳи козибдан (ёлғон тонгдан) ўтиб, субҳи содиққача чўзилади. Абу Қатода (розияллоҳу анҳу)дан бу фикрни тайин этадиган ҳадис ривоят қилинган.
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Амрдан ҳадис ривоят қилинган. Муҳаммад (Ал-Бухорий)дан эшитдим, айтдики, «Намоз вақтлари борасида Ал-Аъмашнинг Мужоҳиддан қилган ривояти Муҳаммад ибн Фузайлнинг Ал-Аъмашдан қилган ривоятидан кўра саҳиҳроқдир».
Ҳаннод бизга Абу Усомадан, Абу Исҳоқ Ал-Фазорийдан, Ал-Аъмашдан, Мужоҳиддан нақл этиб, етказди: «Намоз вақтларининг бошланиш ва тугаш муддатлари бор, дейилар эди» деди ва Муҳаммад ибн Фузайлнинг Ал-Аъмашдан ривоят қилган ҳадисини тақрибан шу маъноси билан зикр қилди.