Намоз вақтлари
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаброил алайҳиссалом Байтуллоҳ ёнида менга икки марта имомлик қилди. Биринчи мартасида пешин намозини ҳар нарсанинг сояси буткул қисқариб, узая бошлаган пайтда ўқиб берди. Кейин аср намозини ҳамма нарсанинг сояси ўз бўйи баробар чўзилган вақтда ўқиб берди. Кейин шом намозини айни қуёш ботган ва рўзадорлар оғиз очадиган пайтда ўқиб берди. Кейин хуфтон намозини шафақ йўқолган вақтда ўқиб берди. Кейин бомдод намозини айни тонг отган ва рўзадор кишининг (саҳарлик вақти тугаб) таом ейиши ҳаром қилинган вақтда ўқиб берди. Иккинчи мартасида, пешин намозини ҳамма нарсанинг сояси ўз бўйи баробар чўзилган ва кечаги аср вақти кирган вақтда ўқиб берди. Кейин аср намозини ҳамма нарсанинг сояси ўзидан икки баробар чўзилган вақтда ўқиб берди. Кейин шом намозини айни аввалги вақтида ўқиб берди. Кейин хуфтон намозини кечанинг учдан бир қисми ўтиб, шу қисмнинг охирроғида ўқиб берди. Кейин бомдод намозини айни тонг оқарган вақтда ўқиб берди. Кейин Жаброил менга ўгирилиб айтдики, «Ё Муҳаммад! Сендан олдин ўтган пайғамбарларнинг (намоз) вақти ана шудир, ана шу икки вақтнинг орасидир».
Ибнул-Арабий, «Оридат-ул-аҳвазий» номли Термизий китобига битилган шарҳида: «Сендан олдин ўтган пайғамбарларнинг (намоз) вақти ана шудир...» жумласини бундай изоҳлайди: «Бу сўз зоҳирий жиҳатдан бу намозлар шу вақтларда бошқа пайғамбарлар учун машруъ эканлигини ифодалайди. Ҳолбуки, бу намозлар шу вақтларда фақатгина бу умматга хос қилинган. Бу ҳолатда кўзда тутилган маъно ушбудир: Бу намозлар сенга кенг ва икки вақт орасида чегарали қилиб машруъ этиб берилганидек, сендан олдинги пайғамбарларга ҳам шундай қилиб белгилаб берилган эди...»
Бу бобда Абу Ҳурайра, Бурайда, Абу Мусо, Абу Масъуд Ал-Ансорий, Абу Саъид, Жобир, Амр ибн Ҳазм, Ал-Барро ва Анас (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаброил менга имомлик қилди...» (Ровий) Ибн Аббоснинг ҳадисини айнан маъноси билан нақл этади, лекин «кечаги аср вақти кирган вақтда»деган жумлани зикр қилмайди.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ-ғариб.
Ибн Аббоснинг ҳадиси эса ҳасан-саҳиҳ.
Муҳаммад ал-Бухорий айтадики, «Намоз вақтлари борасида ворид бўлган ҳадисларнинг энг саҳиҳи Жобирнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисидир».
Жобирнинг намоз вақтлари ҳақидаги ҳадисини Ато ибн Аби Рабоҳ, яна Амр ибн Динор ва Абуз-Зубайр, Ваҳд ибн Кайсоннинг Жобирдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятига яқинлаштириб, Жобир ибн Абдуллоҳнинг ўзидан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган.