Сийдик ерга сингмоғи
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у киши айтди: «Бир аъробий (бадавий) масжидга кириб келди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган эдилар. У намоз ўқиди. Намоздан фориғ бўлгач, «Ё Аллоҳим! Мени ва Муҳаммадни раҳмат қил! Биз билан бирга бошқа ҳеч кимга раҳмат қилма!» деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қайрилиб: «Жуда қаттиқ кетдинг!» дедилар. Сўнг аъробий (ўрнидан туриб) масжид(нинг бир чеккаси)га сийди. Одамлар (дарғазаб бўлиб) унинг бошига тўпланишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Индамангизлар). Сийдиги устидан бир челак сув қуйингизлар» дедилар. Сўнг айтдиларки, «Сизлар фақат осонлаштиргувчи қилиб юборилгансизлар, қийинлаштиргувчи қилиб юборилганингиз йўқ!»
Саъид, Суфёндан, Яҳё ибн Саъиддан, Анас ибн Моликдан шу ҳадиснинг ўзини ривоят қилган.
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Аббос, Васила ибн Ал-Асқодан биттадан ҳадис ривоят қилинди.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Баъзи илм аҳлининг наздида амал шу ҳадис асосидадир. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.
Юнус ушбу ҳадисни Аз-Зуҳрийдан, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳдан, Абу Ҳурайрадан ривоят қилади.