Тикка туриб кичик қазои ҳожат қилмаслик
Оиша (розияллоҳу анҳо онамиз)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Кимки сизларга, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тикка туриб пешоб қилдилар, деса, унга ишонманглар. У киши фақат ўтириб бавл қилар эдилар».
Аҳмад (ибн Ҳанбал), Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Ан-Насоий ва ибн Можа ҳам бу ҳадисни ривоят қилишган. Ҳаммалари Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилганлар. Абдуллоҳ Ҳафза онамизнинг укасидир.
Бу бобда (Ҳазрати) Умар, Бурайда ва Абдурраҳмон ибн Ҳасан (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Оиша (онамиз)нинг ҳадиси бу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг ҳасани ва энг саҳиҳидир. Термизий, «Оишанинг ҳадиси бу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг ҳасани ва саҳиҳи» деганда, бу ҳадиснинг энг оз заиф эканини ва ушбу бобдаги бошқа ҳадислардан устун эканини билдиришни қасд этган. (Муборакфурий).
(Ҳазрати) Умарнинг ҳадиси эса фақатгина Абдулкарим ибн АбдулМаҳориқнинг Нофиъдан, Ибн Умардан, Умардан қилган ривояти тариқасида келган. Ҳадис ушбудир: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг тик туриб пешоб қилаётганимни кўрдилар ва: «Ё Умар! Тик туриб бавл қилма!» - дедилар. Шундан сўнг бирор марта ҳам тикка туриб пешоб қилмадим».
Бу ҳадисни танҳо Абдулкарим ибн Абдул-Маҳориқ Умарга қолдирган бўлиб, у муҳаддислар наздида заифдир. Аййуб Ас-Саҳтиёний унинг заиф эканини қайд этиб, танқид қилган.
Убайдуллоҳ, Нофиъдан, Ибн Умардан ривоят қилган, у айтадики, «Умар (розияллоҳу анҳу): «Мусулмон бўлганимдан бери тик туриб пешоб қилмадим» деди». (Бу сўзни Ал-Ҳайсамий «Мажмаъ-уз-завоид» китобида (1/206) накл этган ва уни Ал-Баззорга нисбат берган. Ровийларнинг ишончли кишилар эканлиги алоҳида таъкидланган.) Бу ҳадис Абдулкаримнинг ҳадисидан кўра саҳиҳроқ. Бурайданинг бу бобдаги ҳадиси эса маҳфуз эмас.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тикка туриб пешоб қилишни ман этганлари таъдиб (адаб) учундир, таҳрим (ҳаром қилиш) учун эмас. Чунончи, Абдуллоҳ ибн Масъуддан мана бундай деганлари ривоят қилинган: «Одобга зид бўлган ҳаракатлардан бири тик туриб пешоб қилмоқликдир».