Таяммум
Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга юзига ва икки қўлига таяммум қилмоқни буюрдилар».
Бу бобда Оиша ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинди. Аммор (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Бу ҳадис Аммордан бир қанча важҳлардан ривоят қилинган.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан мутааддид илм аҳлининг қавли шудир. Ҳазрати Али, Аммор ва ибн Аббос (розияллоҳу анҳум) ана шулардандир. Тобиъийндан ораларида Аш-Шаъбий, Ато ва Макҳул ҳам бор бўлган мутааддид кишилар шунга қарор беришган. Айтадиларки, «Таяммум - юзга ва икки қўлга масҳ қилиши учун (тоза тупроққа) бир уришдир, (яъни, бир марта (тоза тупроққа қўл) уриш билан юзга ва икки қўлга масҳ қилишдан иборатдир)».
Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.
Ибн Умар, Жобир, Иброҳим ва Ал-Ҳасан сингари баъзи илм аҳллари бундай дейдилар: «Таяммум - юзга масҳ қилиш учун (қўлни тупроққа) бир уриш ва икки қўлни тирсакларгача масҳ қилиш учун (иккинчи) бир уришдан иборат». Суфён Ас-Саврий, Молик, Ибнул-Муборак ва Шофиъий шу қавлга эга бўлишган.
Амморнинг: «Юзига ва икки қўлига таяммум қилмоқ» деган ҳадиси у кишидан бир қанча важҳлардан ривоят қилинган.
Аммордан. мана бундай деганлари ҳам ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда ўмузларгача ва қўлтиқларгача (масҳ тортиб) таяммум қилдик». Айрим муҳаддислар, Аммордан «ўмузлар ва қўлтиқлар» ҳадиси ривоят қилингач, «юзига ва икки қўлига таяммум қилмоқ» борасидаги Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиснинг заиф эканлигини қайд этишган.
Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Маҳлад Ал-Ҳанзалий айтадики, «Таяммум юз ва икки қўлга масҳ қилишдан иборат эканлиги борасидаги Амморнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. «Ўмузлар ва қўлтиқ остлари» деган ҳадис эса «юз ва икки қўл» ҳадисига қарши эмас. Чунки Аммор таяммумда ўмузларгача ва қўлтиқларгача масҳ тортиш» кераклигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганлар, деб айтаётгани йўқ, фақат «биз шундай қилдик» деяётир, холос. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралганида, у зот юзга ва икки қўлга масҳ қилишни буюрганлар ва у ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига ўргатганларидек, юз ва икки қўлга масҳ тортиш, деб қарор қилган. Бунинг далили ушбудир: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин у киши «юз ва икки қўлга масҳ тортиш» деб фатво берган, Бу фатво, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига юз ва икки қўлга масҳ тортиш деб таълим қилганларини ва у киши, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганган масала устида қарор қилганини кўрсатади.
Абу Зуръа Убайдуллоҳ ибн Абдулкаримдан бундай деб нақл қилганини эшитдим: «Ушбу уч кишидан: Али ибн Ал-Маданий, Ибн-уш-Шозакуний ва Амр ибн Али Ал-Фаллосдан ҳам кўра хотираси кучлироқ кишини кўрмадим».
Абу Зуръа айтадики, «Аффон ибн Муслим, Амр ибн Ати Ал-Фаллосдан ҳадис ривоят қилган».