Намозга қомат айтилса-ю, бирортангиз ҳожатхонага бориш эҳтиёжини туйса, аввал ҳожатга борсин
Абдуллоҳ ибн Арқом (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди. Урва айтадики, «Намозга қомат айтилди, қавмнинг имоми бўлган Абдуллоҳ ибн Ал-Арқом бир кишининг қўлидан ушлаб, имомликка ўтказди ва деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, айтганларки, «Намозга қомат айтилса-ю, бирортангиз ҳожатга бориш эҳтиёжини сезса, аввал ҳожатга борсин», дедилар.
Бу бобда Оиша, Абу Ҳурайра, Савбон ва Абу Умома (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Абдуллоҳ иби Ал-Арқомнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Молик ибн Анас, Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттон ва ҳадис ҳофизлари (ёд билувчилари)дан биттадан кўп кишилар бу ҳадисни худди шу йўсин Ҳишом ибн Урвадан, унинг отасидан, Абдуллоҳ ибн Ал-Арқомдан ривоят қилдилар.
Вуҳаиб ва яна бошқалар Ҳишом ибн Урвадан, унинг отасидан, бир кишидан, Абдуллоҳ ибн Ал-Арқомдан ривоят қиладилар.
Пайғамбар сатлаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан мутааддид кишиларнинг қавли шудир. Аҳмад ва Исҳоқ шу қавлга эга бўлиб, бундай дейдилар: «Озгина бўлса ҳам кичик ёки катта қазои ҳожатга эҳтиёж сезса, намозни бошламайди. Аммо намозга киришганидан кейин ҳис этса, то фикрини машғул қилмагунича намоздан чиқмайди».
Баъзи илм аҳлининг фикрига кўра, кичик ёки катта қазои ҳожат қилишга эҳтиёжманд бўлса, аҳвол фикрини машғул қиладиган даражада бўлмаса, намозини ўқиб олиши мумкин (яъни, шу ҳолатда намозни бошламоғида ёки намозда турган бўлса, уни давом эттирмоғида зарар йўқ, деб ҳисоблайдилар).*
* Ҳанафий мазҳабидагилар учун: танг ҳолда намоз ўкиш ҳалол бўлмайди.