Кишининг бир нечта жинсий алоқадан кейин бир марта чўмилмоғи
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ғусл билан (ҳамма) аёлларини айланиб чиқар эдилар».
Бу бобда Абу Рофиъдан ҳадис ривоят қилинган.
Анаснинг: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ғусл билан (ҳамма) аёлларини айланиб чиқар эдилар», деган ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Турли илм аҳлларининг қавли шудир. Ҳасан Ал-Басрий ҳам шулар сафидадир. Таҳорат олишдан олдин жинсий муносабатга киришишнинг зиёни йўқ, деб ҳисоблайдилар.
Термизий, «Таҳорат олишдан олдин...» деяётир. Ҳолбуки, Ушбу бобга ва ҳадисга муносиб бўлган таъбир: «Ғусл қилишдан олдин» дейилиши керак эди. Бизнингча, Термизий ишорат қилган илм аҳллари ва шулардан бири бўлмиш Ҳасан Ал-Басрий ҳазратлари, икки марта муносабат орасида таҳорат олинишига қаршидирлар. Энди Термизийнинг «Таҳорат олишдан олдин...» деган таъбирни қўллаши шу хусусни ифода этмоқ учундир. Негаки, бу калима билан келгуси ҳадисга муносабат ва замин ҳозирлаган бўлди.
Муҳаммад ибн Юсуф бу ҳадисни Суфёндан, Абу Урвадан, Абул-Хаттобдан, Анасдан ривоят қилади.
Абу Урванинг исми - Маъмар ибн Рошид. Абул-Хаттобнинг исми эса - Қатода ибн Диома.
Баъзилари эса, «Муҳаммад ибн Юсуфдан, Суфёндан, Ибн Абу Урвадан...» деб ривоят қилишган. Бу хатодир. Тўғриси «Абу Урвадан».