Нифос (туғишдан кейинги қон келиш)нинг муддати
Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; дедики: «Нифос кўрган (туққан) аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қирқ кун ўтирар эди. Рангимиз қочганлигидан юзларимизга варс (заъфарон ўсимлиги)дан ишқаб, сурардик».
Бу ҳадис ғариб.
Буни фақатгина Абу Саҳлнинг Мусса Ал-Аздиййадан, Умму Саламадан қилган ривояти орқали биламиз. Абу Саҳлнинг номи - Касир ибн Зиёд.
Муҳаммад Ибн Исмоил (Ал-Бухорий) айтадики, «Али ибн Абдул-Аъло ва Абу Саҳл сиқа (ишонарли) кишилардир».
Муҳаммад (Ал-Бухорий) бу ҳадисни ёлғиз Абу Саҳлнинг ривоятидан билади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан илм аҳллари ва кейинги олимлар, туққан (нифос кўрган) хотин қирқ кун намозини тарк этади, деб иттифоқ қилишган. Фақатгина шу муддатдан олдин покланса, ғусл қилиб, намозини ўқийверади.
Қирқ кундан кейин қон кўрса, илм аҳлларининг кўпи: «Қирқ кундан кейин намозини тарк этмайди», дейди. Фақиҳлардан кўпининг ҳам фикри шудир. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ шу қавлга эга бўлишган. Ҳасан Ал-Басрийнинг бундай деб айтгани ривоят қилинган: «Агар покланмаса, намозини эллик кун тарк этади». Ато ибн Абу Рабоҳ ва Аш-Шаъбийнинг «Олтмиш кун» деганлари ривоят қилинган.