Кийимга теккан ҳайз қонини ювмоқ
Асмо бинти Абу Бакрдан ривоят қилинди: «Бир хотин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кийимга ҳайз қони тегиб қолиши борасида сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аввал қонни ишқаб ташла, кейин сув билан (ҳўллаб) юв, кейин устига сув қуйиб тозала, сўнг ўша кийимда намоз ўқийвергин».
Бу бобда Абу Ҳурайра ва Умму Қайс ибн Миҳсондан ҳадис ривоят қилинган.
Асмонинг ҳайз қонини ювиш ҳақидаги ҳадиси - ҳасан-саҳиҳ.
Кийимга қон текканда уни ювмасдан намоз ўқиган киши ҳақида илм аҳли ихтилоф қилишди. Тобиъийндан баъзилари, «қон бир дирҳам (танга) миқдорида бўлса, уни ювмасдан намоз ўқиса, намозини қайтиб ўқийди», дейишди. Бировлари эса: «Қон бир дирҳам (танга)» миқдоридан кўп бўлса, намозини қайта ўқийди», дейишади. Суфён Ас-Саврий ва Ибнул-Муборакнинг қавли шудир. Тобиъийндан ва бошқалардан баъзи илм аҳлининг фикрича, қон бир дирҳам (танга) миқдордан кўпроқ бўлса ҳам, намозини қайтиб ўқиш лозим бўлмайди. Аҳмад ва Исҳоқ шу қавлга эга бўлишган. Шофиъий айтадики, «Бир дирҳам (танга) миқдоридан оз бўлса ҳам, ювилмоғи керак». Бу хусусда у киши ташдид (муболаға) қилган.
Дирҳам деб эскидан қўлланиб келган тангага айтилади. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, у киши қоннинг миқдорини тирноқлари билан кўрсатган эканлар. «Ал-муҳит» китобида шарҳланишича, Ҳазрати Умарнинг тирноғи салкам бизнинг кафтимизча эди. Ана шу (далил) кийимга теккан қон дирҳамдан оз бўлса, намозга монеълик қилмаслигига далолат этади. (Ал-Айний).