Кийимга теккан маний
Ҳаммом ибн Ҳорисдан ривоят қилинди; у деди: «Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг уйларига бир меҳмон келди, Оиша (онамиз) унга бир сариқ чодар (адёл)ни беришни буюрдилар. Меҳмон (чодарни ёпиниб) ётиб, кечаси иҳтилом бўлиб қолди. Чодарни иҳтилом асари бўлган ҳолда қайтаришдан уялиб, уни сувга ботириб ювди, кейин қайтариб берди. Шунда Оиша (онамиз розияллоҳу анҳо) айтдиларки, «Чодаримизни нега бузди? Бармоқлари орасида ишқалаб ташласа, кифоя эди-ку!» (Бундай ҳолларда) мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларидан бармоқларим билан ишқалаб ташлар эдим».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндан ва Суфён Ас-Саврий, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ сингари кейинги фақиҳлардан кўпларининг қавли шудир. Кийимга теккан маний ҳақида бундай дейдилар: ишқалаб ташлаш кифоя, ювиш шарт эмас.
Мансурдан, Иброҳимдан, Ҳаммом ибн Ал-Ҳорисдан, Оиша (розияллоҳу анҳум)дан худди шундай, Ал-Аъмош ривоятидек ривоят қилинган. Абу Маъшар бу ҳадисни Иброҳимдан, Оиша (онамиз)дан ривоят қилади. Ал-Аъмашнинг ривояти саҳиҳроқ.