Кийимга теккан мазий (оқимтир нам)
Саҳл ибн Хунайф (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: у деди: «Мазийдан қийналиб, озор чекар эдим, кўп (тез-тез) ғусл қилардим. Бу аҳволни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдим ва бу ҳақда савол сўрадим. Айтдиларки, «Бу (мазий)дан таҳорат олсанг, бас». Шунда: «Ё Расулуллоҳ! Кийимга теккан мазий нима бўлади?» дедим. «Бир ҳовуч сув олиб, кийимингнинг мазий теккан жойига қуйсанг, кифоя!» - дедилар.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ. Буни фақат Муҳаммад ибн Исҳоқнинг мазий бобидаги ривоятидан биламиз, холос. Илм аҳли кийимга теккан мазий борасида ихтилоф қилишган. Баъзилари ювиниш (ғусл) кераклигини айтган. Шофиъий ва Исҳоқнинг қавли шудир. Баъзилари эса устига сув сепмоқ кифоя, деган фикрга эга бўлган. Аҳмад айтадики: «Сув сепмоқ етарли эканидан умидим бор».