Қиблага қараб ўтиришга рухсат борлиги
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни кичик қазои ҳожат қилганда қиблага қараб ўтиришдан қайтарган эдилар. Вафотларидан бир йил олдин ўзларининг қиблага қараб ўтирганларига кўзим тушди».
Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Довуд, Ибн Можа, Ал-Баззор, Ибнул-Жоруд, Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳаббон, Ал-Ҳоким ва Ад-Доруқутний ҳам бу ҳадисни тахриж қилганлар. Ал-Баззор «ҳасан» эканини ва Ибнус Сақан эса «саҳиҳ» эканини қайд этишган. Очиқ ва ёпиқ жойларда қиблага қараб ўтириш ёки орқа қилиш жоиз эканини айтган кишилар шу ҳадис билан сўзларини далиллайдилар. Ва буни манъ этган ҳадисларни насх қилишини (бекор қилишини) уқтирадилар. Ҳофиз ибн Ҳажар эса «Ат-талхис» асарида бундай дейди: Бу ҳадис билан истидлол (далил-исбот) қилиш изоҳталаб масаладир. Чунки, бу ҳаммага тегишли бўлмаган бир феълни нақл этади. Балки бу феъл бирор узрга ёки мақбул бир сабабга асослангандир». Қози Аш-Шавқоний ҳам «Ан-наил» асарида бундай дейди: «Усул илмида (Усули динда) собит ва муқаррар бўлганки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъли бизга тегишли бўлган сўзларига муориз (қарши) эмас, яъни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни, кичик ёки катта қазои ҳожат қилганда қиблага қараб ўтиришдан ёки орқа қилиб ўтиришдан қайтарганлар. Бу қайтарув барчамиз учун жорий бўлган».
Бу бобда Абу Қатода, Оиша онамиз, Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Жобирнинг бу бобдаги ҳадиси ғариб.
Ушбу ҳадисни Ибн-ул-Лаҳийъа Абуз-Зубайрдан, Жобирдан, Абу Қатодадан ривоят қилиб, «У (Абу Қатода) Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиблага қараб бавл (пешоб) қилаётганларини кўрди», дейди. Қутайба бу ҳадисни бизга нақл этиб, «Бизга буни Ибн-ул-Лаҳийъа хабар қилди», деди.
Жарирнинг Расулуллоҳ сшхлаллоҳу атайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси Ибнул- Лаҳийъа айтган ҳадисдан кўра саҳиҳроқ.
Ибнул-Лаҳийъа муҳаддислар назарида заифдир. Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттон ва яна бошқалар унинг хотира жиҳатидан заиф эканини қайд этганлар.