Уйқудан уйғониб, (этагида) нам кўрмоқ ва иҳтилом бўлганини (уйқусида булғанганини) эслай олмаслик
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан, (этагида) нам топган, аммо иҳтилом бўлганини эслай олмаган киши ҳақида савол сўралди. «Ғусл қилади», дедилар. Ва яна иҳтилом бўлганини пайқаган, аммо (этагида) нам топмаган киши ҳақида сўралди. «Унда ғусл қилмайди», дедилар. Умму Салама дедики, «Ё Расулуллоҳ! Агар аёл киши ҳам иҳтилом бўлиб қолса, ғусл лозимми?» «Ҳа, - дедилар, - чунки аёллар (яратилиш ва табиатда) эркакларга ўхшашдир».
Бу ҳадисни, яъни Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг «нам топган, аммо иҳтилом бўлганини эслай олмаган киши» ҳақидаги ҳадисини ёлғиз Абдуллоҳ ибн Умар, Убайдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилди. Лекин Яҳё ибн Саъид, Абдуллоҳ ибн Умарни ҳадис бобида хотираси жиҳатдан заиф деб билади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан бўлган кўпгина илм аҳлининг қавли будир: уйқудан уйғонганда, этагида нам топган киши ювинади (ғусл қилади). Суфён Ас-Саврий ва Аҳмаднинг қавли ҳам шудир.
Тобиъийндан бўлган баъзи илм кишилари бундай дейди: Агар нам нутфа (маний) нами бўлса, ғусл лозим бўлади, Шофиъий ва Исҳоқ шундай тўхтамдалар.
Иҳтимол бўлганини пайқаса-ю, лекин этагида намлик топмаса, илм аҳлининг ҳукмига кўра, ғусл лозим бўлмайди.