Жунубликдан покланмоқ (жимоъдан кейин чўмилмоқ)
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобатдан покланмоқчи (ғусл қилмоқчи) бўлсалар, аввало қўлларини идишга ботирмасдан олдин ювар эдилар, кейин фаржларини ювар (мустаҳаб қилар) ва намозга таҳорат олгандек таҳорат олар эдилар. Кейин сочларини таг-тагигача ҳўллар эдилар. Кейин бошларидан бутун баданларига уч марта сув қуярдилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Илм одамлари жанобатдан покланишда (ғусл қилишда) шу (усул)ни ихтиёр этишган: намозга таҳорат олгандек таҳорат олади. Кейин бошига уч марта сув қуяди. Кейин баданининг ҳаммаёғига сув қуяди. Кейин оёқларини ювади.
Илм аҳлининг наздида амал шу ҳадис асосидадир. Айтадиларки, жунуб киши (намозга таҳорат олгандек) таҳорат олмасдан сувга чўмилса, (покланмоғи учун) шу ҳам унга етарли. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.