Жунубликдан покланмоқ (жимоъдан кейин чўмилмоқ)
Ибн Аббоснинг холаси Маймуна (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга ғусл учун сув қўйдим. (Аввал) жанобатдан покландилар, чап қўллари билан идишни эгиб, ўнг қўлларига сув олдилар ва икки қўлларини (бўғинигача) ювдилар. Кейин қўллари билан идишдан сув олиб, фаржларига тўқдилар (мустаҳаб қилдилар), кейин қўлларини деворга ёки ергами ишқаб, ювиб ташладилар. Сўнг оғиз ва бурун чайқадилар, юзларини ва қўлларини (тирсаклари билан қўшиб) ювдилар. Сўнг бошларига уч марта сув қуйдилар. Кейин бутун баданларига сув қуйдилар. Сўнг четга чиқиб, оёқларини ювдилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Ушбу бобда Умму Салама, Жобир, Абу Саъид, Жубайр ибн Мутъим ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.