Катта ёки кичик қазои ҳожат қилганда қиблага қараб ўтирмаслик
Абу Аййуб Ал-Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят килинди; у деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳожатга борганингизда, хоҳ катта, хоҳ кичик қазои ҳожат қилсангизлар, қиблага қараб ўтирмангизлар, қиблага орқа ҳам ўгирмангизлар. Лекин кунчиқарга ёки кунботарга қараб ёки орқа қилиб ўтирингизлар!» (Бу ҳукм Мадина аҳолиси учун ҳамда қибласи кунчиқар ёки кунботар томонда бўлмаган юртлар учундир.)
Абу Аййуб айтадики: «Шом (шаҳри)га келганимизда, (айрим) ҳожатхоналарнинг қиблага қаратиб қурилганини кўрдик. Бу ҳожатхоналарга кирганимизда (имкон қадар) қибладан бурилиб ўтирардик ва чиққач, Аллоҳга истиғфор айтар эдик».
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъ Аз-Зубайдий, Маъкил ибн Абдул Ҳайсам, (уни Маъкил ибн Абу Маъкил ҳам дейишади), Абу Ҳурайра ва Саҳл ибн Ҳунайфдан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Аййубнинг ҳадиси бу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг ҳасани ва энг саҳиҳидир. Абу Аййубнинг исми - Холид ибн Зайд. Аз-Зуҳрийнинг исми - Муҳаммад ибн Муслим ибн Убайдуллоҳ ибн Шиҳоб Аз-Зуҳрий, куняси эса - Абу Бакр.
Абул Валид Ал-Маккий айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Хоҳ катта, хоҳ кичик қазои ҳожат қилсангизлар, қиблага қараб ўтирмангизлар, қиблага орқа ҳам ўгирмангизлар» деган ҳадисларнинг маъноси ҳақида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрийс Аш-Шофиъий, бундай дейди. «Бу фақат қирларда ва очиқ ерлардадир. Ёпиқ жойларда эса қиблага қараб ўтиришга рухсат бор». Исҳоқ ибн Иброҳим ҳам шундай деган.
Аҳмад ибн Ҳанбал бундай дейди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсатлари, киши катта ёки кичик қазои ҳожат пайтида орқасини қиблага қилиб ўтириши мумкинлигига оиддир. Қиблага қараб ўтириш масаласига келсак, бундай қилмаслик керак. (Бунга рухсат йўқ). Аҳмад ибн Ҳанбал на очиқ ерларда, на пана жойларда қиблага қараб ўтирмаслик керак, деган фикрда эканлиги англашилади.