Таҳоратсиз намоз қабул эмас
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таҳоратсиз кишидан намоз ва ҳаром пулдан садақа қабул қилинмайди». Ҳаннод ўз ривоятида («илла би туҳури», яъни «намоз фақат таҳорат билангина қабул қилинади») деди.
Муслим, Абу Довуд, Ан-Насоий ва Ибн Можа ҳам шу ҳадисни ривоят килганлар. «Ғулул» - хиёнат, ўғрилик, ҳийла, пора ва суиистеъмол қилиш йўли билан топилган ҳаром молдир. Қози Абу Бакр ибн Ал-Арабий бу ҳадис тафсирида айтади: «Таҳоратсиз намоз қабул қилинмай, жазони тақазо этганидек, ҳаром молдан берилган садақа ҳам шундайдир. (Ўзбекча таржимада «ғулул»нинг умумий маъноси бўлган «ҳаром» деган сўзни танладик).
Бу ҳадис ушбу бобда ворид бўлган ҳадисларнинг энг саҳиҳи ва энг ҳасанидир. Абул- Малиҳдан, унинг отасидан, Абу Ҳурайра ва Анас (розияллоҳу анҳум)дан ҳам бу бобда ҳадис ривоят қилинган. Абул-Малиҳ ибн Усоманинг номи Омир бўлиб, уни Зайд ибн Усома ибн Умайр Ал-Ҳузалий деб ҳам аташади.